Педикулёз

Педикулёз (битлаш) – бу одамнинг соч ва тукларида паразитлик қилувчи, битларнинг кўпайиши натижасида келиб чиқадиган касаллик.
Бош бити сочда яшайди ва кўпроқ бошнинг энса ва орқа томонларига сирка қўяди. Кийим бити эса, кўпроқ кийим-кечак, кўрпа-тўшак, чойшабларнинг чокларида юради ва мато толасига сирка кўяди. Педикулёз ўта юқумли ҳисобланади. У бир одамдан бошқасига тароқдан, ўрин–кўрпа, кийим-кечаклардан умумий фойдаланиш оқибатида юқади. Бит сув ҳавзаларида маълум муддат давомида ҳаёт фаолиятини сақлаб қолади, шунинг учун битни очиқ сув ҳавзаларида чўмилганда ҳам юқтириш мумкин. Бит жуда ҳаракатчан паразит ҳисобланади, у минутига 35 см масофани босиб ўтади. шунинг учун халқимизда «Бит бир кечада 40 та ёстиқни оралайди» каби иборанинг юриши бежиз эмас. Бит ёстиқда 2-3 кунгача ўлжасини кутиб яшаши мумкин. Бит қон сўрувчи паразит бўлибгина қолмай, тошмали ва қайталама тиф каби юқумли касалликларнинг тарқатувчиси ҳам ҳисобланади. Агар оила аъзоларингизнинг бирида бит аниқланса, албатта оиланинг бошқа аъзоларини ҳам битга текширинг.

Битни йўқотиш учун

1. Болани сочини олиб ташлаш.
2. Агар соч узун бўлса, битга қарши замонавий шампунлардан фойдаланиш.
3. Бит ва сиркаларни тушириш учун майда тишли тароқ (сирка тароқ) билан тараш.
4. Ушбу муолажани битни тамомила бартараф этгунга қадар такрорлаб туриш.
5. Бадан (қов, қўлтиқ)даги тукларни қириш.
6. Ич кийим, чойшаб, ёстиқ жилди, сочиқларни 15-30 мин давомида қайнатиш.
7. Кийимларни ювгандан сўнг, чоки ва бурмаларини дазмоллаш.
8. Ўрин-кўрпа, ёстиқларни қуёшга ёйиб шамоллатиш талаб этилади.

Битни юқтирмаслик учун:

o Бош кийим, тароқ ва сочга тақиладиган бошқа пардоз анжомларидан бошқаларнинг фойдаланишига йўл қўймаслик керак.
o Ўрин-кўрпа ва кийим-кечаклардан умумий тарзда фойдаланилмасликка ҳаракат қилиш зарур.
o Озодаликка риоя қилиш тавсия этилади.

ҚР СЭО ва ЖСБнинг дезинфекция бўлими мудири Г.Сейтбаева