Гриппдан қандай сақланамиз?

Грипп ўткир юкумли вирусли касаллик бўлиб юқори нафас йўлларини зарарланиши билан тавсифланади.

Грипп касаллигига мавсумийлик хос, асосан куз-қиш-баҳор ойларига тўғри келади. Ушбу мавсумларда касалликнинг ортишига ҳаво ҳароратининг пасайиши, юқори нафас йўлларининг яллиғланиш касалликларининг кўплиги, организмдаги витаминлар танқислиги, хоналардаги одамлар зич яшаши сабаб бўлади.

Грипп вирусларни тарқатувчи асосий манбаи грипп билан касалланган бемор одам бўлиб, у касалликнинг 2-3 кунларида атрофидагилар учун жуда хафли бўлади. Касаллик кўпинча хаво-томчи йўли билан юқади. Бемор акса урганда, йўталганда, гаплашганда сўлак томчилари билан грипп вирусларини атроф-мухитга тарқатади.

Грипп билан барча ёшдаги кишилар касалланади, айниқса заиф (нимжон) болалар, кекса ёшдаги кишилар, ҳомладорлик ҳамда сурункали хасталиклари бўлган ҳамда тамаки чекувчи шахсларга тез юқади ва уларда оғриб ўтиб, кўпгина оғир асоратларга олиб келиши мумкин.

Касаллик эт увишиши, тана ҳароратининг (39-40 0С гача) кўтарилиши, бош оғриғи, мушаклардаги оғриқлар билан бошланади. Кейинчалик танглай муртакларни қизариши, бош айланиши, иштаҳасизлик, бурун  битиши, оғриқли йўтал кузатилади. Бу ҳолат 2-7 кунгача давом этиб, даво муолажалари ҳамда яхши парвариш қилинса, бемор ўзини яхши ҳис қила бошлайди.

Халқ орасида гриппнинг ўзи эмас, балки унинг асорати ёмон деган фикр бежиз айтилмаган. Баъзилар грипп касаллигига эътиборсизлик билан қарайдилар, яъни оёқда юриб ўтказадилар ёки ўз билганича нотўғри даво муолажаларини қиладилар. Бундай ҳолатларда касалликнинг асоратланиши:

  • Ўпка тўқималарни яллиғланиши (Зотилжам),
  • Мия пардасининг яллиғланиши (Менингит),
  • Мия пардасини ва моддасининг яллиғланиши (Менингоэнцефалит),
  • Қулоқнинг яллиғланиши (Отит),
  • Бурун ёндош бўшлиқларнинг яллиғланиши (Синусит) каби оғир асоратлар кузатилади.

 

Касалликни олдини олиш чоралари:

 

  • Уюшган жамоаларда (мактаб, концерт заллари, иш жойлари, кинотеатрлар, умумий транспорт воситалари) бир марталик ёки 4 қаватли докадан тикилган ниқобда юриш тавсия қилинади. Яшаш хоналарини вақти-вақти билан шамоллатиб, исириқ тутатиб туриш керак бўлади;
  • Кўпроқ очиқ ҳавода сайр қилиш;
  • Грипп қарши вакцина билан эмлаш;
  • Грипп касаллигига қабул қилинадиган даво муолажалари фақат шифокор тавсиясига кўра бўлиши керак;
  • Оилада бирор кишида грипп касаллигига шубъҳа бўлганда уни ишга, мактабга, мактабгача таълим-тарбия муассасаларига, жамоат жойларга юбормаслик. Беморни атрофдагилардан алохидалаш;
  • Яшаш хоналари вақти-вақти билан шамоллатиш, исириқ тутатиш тавсия этилади;
  • Ҳар бир шахс кун тартибига риоя қилиш, ҳаракатли машқлар, танати қуёшда тоблаш, сув муолажалари билан танани мунтазам равишда чиниқтириш;
  • Аллоҳ томонидан яратиб қўйилган пишиқчилик мавсумларидаги мева ва сабзавотлардан вақтида кўпроқ-кўпроқ истеъмол қилиб туриш;
  • Мавсумга мос кийиниш;
  • Грипп касаллиги билан касалланган беморларга ва соғлом инсонларга суюқликлар (малина, смародина, лимон ва асал қўшилган чой, иссиқ сут, наъматак дамламаси ичиш тавсия этилади.

Кундалик турмушда юқорида айтиб ўтилган тавсияларга  амал  қилинса, ҳар биримиз  грипп касаллигини олдини олишда ўз  ҳиссамизни  қўшган  бўламиз ва узимизни ҳамда атрофдаги ҳамюртларимизни грипп ҳамда юқори нафас йўлларининг ўткир респиратор хасталикларидан асраган бўламиз!

 

 

 

Қорақалпоғистон Республикаси
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси эпидемиолог шифокори Тур
ымбетов Менлибай