Тиббиёт ходимларининг иш ҳақи яна оширилади

Ижтимоий тармоқларда яқинда тиббиёт ходимлари иш ҳақлари 10-15 фоизгача ошган эди. Иш ҳақларини ошириш тўғрисидаги Президент фармони билан уларнинг ойлиги яна ошадими?, мазмунидаги хабарлар тарқалмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Отабек Фозилкаримов мазкур саволларга жавоб берди.

«2022 йил 17 майдаги ‘Тиббиёт муассасалари ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида’ги Президент фармони асосида тиббиёт ходимларининг ойлиги 10-15 фоизга оширилиши белгиланган.

Сўнгра кеча, 20 май куни қабул қилинган иш ҳақларини ошириш ҳақидаги Президент фармони асосида барча ходимлар қаторида тиббиёт мутахассисларининг маоши ҳам яна 12 фоизга оширилади.

Юқоридаги иккала фармон ҳам 1 июндан бошлаб кучга киради.

Масалан, 3 млн сўм ойлик оладиган тиббиёт ходимининг ойлиги дастлаб 15 фоизга ошади дейлик, шунда 3 млн 450 минг сўм бўлади. Кейин яна 12 фоиз ошади ва жами 3 млн 864 минг сўм бўлади», -дейди у.