Сил касаллиги ҳаққида ёлғон ва ҳақиқатлар

Бугинги кунда тиббиёт соҳаси аҳолининг сил касаллиги билан касалланиш ҳолатларига алоҳида эътибор қаратмоқда, чунки касалланиш ҳолатлари устидан суст назорат ишлари касалланиш даражасининг ошишига сабаб бўлади. Қанчалик арзимас кўринмасин, аҳолининг оддий касалликлар буйича билим даражасининг етарли бўлмаслиги оқибатида юртимизда касалланиш ҳолатларининг кенг тарқалиб кетиш сабабларидан бири бўлиб қолмоқда. Аҳоли орасида касаллик бўйича маълумотларнинг етишмаслиги, касаллик ҳақидаги нотўғри қарашлар ва афсоналарнинг натижасида касалликнинг кеч босқичларида аниқланишига сабаб бўлмоқда. Агарда аҳолининг касаллик бўйича билим даражалари етарли бўлганида эди касалликнинг эрта босқичларида ўз вақтида тегишли шифокорларга мурожаат этиши ва касалликдан тезроқ соғайишига сабаб бўлган эди. Доноларнинг айтишганидек: “Кимки олдиндан огоҳлантирилган бўлса демак у – қуроллангандир”.
Шундай қилиб, сил касаллиги ҳақида аҳоли орасида 6та энг кенг тарқалган ёлғон ва ҳақиқатлар булар қўйидагилардир:
1. Фақат камбағал ёки кам таъминланган одамлар сил билан касалланади?!
Тўғри овқатланган, яхши таъминланган одамлар сил билан касалланмайди, дегани ёлғондир. Кох таёқчаси инсонларнинг ижтимоий мавқени ажратмайди, яъний камбағаллар ва бойлар тенгдайин касалланадилар. Ҳаётнинг юқори темпи, тартибсиз ва мувозанатсиз овқатланиш, доимий стресс, ортиқча иш фаолияти – буларнинг барчаси тананинг ҳимоя кучларининг пасайишига ва касалликнинг ривожланишига олиб келади. Шу билан бирга, сил касаллиги аҳолининг турмуш тарзи ва овқатланиш сифатига бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий касалликдир. Кўпчилик мамлакатлардаги ҳали ҳам мавжуд бўлган оғир иқтисодий вазият, яъний тўлиқ овқатлана олмайдиган одамларнинг кўплиги, ижтимоий беқарорлик – буларнинг барчаси сил касаллигини юқтириш ва ривожланиш хавфини сезиларли даражада оширади.
2. Сил касаллиги фақат сил таёқчасини ажратувчи беморлар билан бевосита мулоқатда бўлган ҳолда юқиши мумкин?!
Ҳа, соғлом одамга, касал одамдан кўпинча ҳаво томчи йўли орқали юқади. Аммо сиз касалликни ҳайвондан ҳам (ҳайвонга ғамхўрлик қилганда ёки касалланган ҳайвонларнинг гўшти, сариёғи, твороги, сут ва сут маҳсулотларини истеъмол қилганингизда) юқиши мумкин. Сиз ҳар қандай жойда – дўконда, жамоат транспортида хаттоки зиёфатда хам касалликни юқтириб олишингиз мумкин. Сил микобактерияси совуқ, иссиқлик, намлик ва ёруғликга жуда чидамли. Аммо тўғридан-тўғри қуёш нури уларни 2-6 соатдан кейин ўлдиради, шунинг билан бирга 85 С даражадан юқори ҳароратда қиздирилганда микобактериялар ярим соат ичида нобуд бўлади, шунинг билан бирга таркибида хлор сақловчи моддалар ҳам бактерияларга қарши зарарли таъсир кўрсатади.
3. Агар танага сил таёқчаси келиб тушган бўлса, у ҳолда одам албатта сил билан касалланадими ?!
Кох таёқчаси билан зарарланган ҳар бир киши дарҳол касал бўлиб қолмайди. Сил таёқчаси билан касалланган 100 кишидан атиги 5 нафари ушбу касаллик билан касалланиши мумкин, қолганларида эса касаллик белгилари пайдо бўлмайди, уларнинг иммун тизими сил таёқчасини узоқ вақт назорат остида ушлаб туради, буни “сил касаллиги билан зарарланиш” дейилади. Агар тананинг ҳимоя кучлари заифлашган бўлса, танамиздаги ухлаб ётган Кох таёқчаси кўпайиб, касалликга олиб келиши мумкин. Бу соатли бомбага ўхшайди. “Бу минанинг портлаши” га нима сабаб бўлиши мумкин? Озиқланиш сифати – очлик, тўйиб овқатланмаслик ёки мувозанатсиз овқатланиш, организмнинг қарши курашиш қобилятининг пасайиши сабаб бўлади. Тамаки чекиш ва кўп миқдорда спиртли ичимликларни истемол қилиш, консервантлар, озиқ-овқат бўёқлари, стабилизаторлар бўлган озиқ-овқатларни истемол қилиш тананинг химоя воситасини сезиларли даражада камайтиради. Турли касалликлар – ОИВ билан касалланган, қандли диабет, лейкемия билан оғриган беморлар силга ўта мойил бўлади. Стресс ва депрессия ҳам иммунитет тизимининг ҳолатига салбий таъсир қилиши мумкин.
4. Сил касаллигини даволаб бўлмайдими?!
Аслида, у жуда самарали даволанади, аммо сил касаллигини даволаш бир неча йилгача чузилиши мумкин. Бу бошқа микроорганизмлар билан солиштирганда бактерияларнинг кўпайишининг ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқ. Шунинг учун танадаги барча микобактерияларни йўқ қилиш учун камида 6 ой давом этадиган узоқ муддатли даволанишни талаб қилади. Аммо даволанишни эрта ва ўз вақтида ташхис қўйиш билангина энг муваффақиятли,
100% даволанишига эришиш мумкин. Кеч ва ўз вақтида ташхис қўйилмасдан, масалан, ўпкада емирилиш бўлса, катта майдон зарарланганда, каверналар ҳосил бўлганида даволаш самарадорлиги кескин пасаяди. Кейинчалик бундай беморларни тўлиқ даволаш катта қийинчиликларга тўла бўлиши, баъзан эса имконсиз бўлиши ҳам мумкиндир.
5. Сил касаллиги одамларда фақат ўпкага таъсир қиладими?!
Сил касаллиги инсоннинг барча аъзолари ва тўқималарига таъсир қилади: шунингдек кўзлар, суяклар, тери, сийдик ажратиш тизими, ичаклар, мия ва бошқалар. Аммо касалланиш ҳолатларида ўпка туберкулёзи енг кенг тарқалганидир.
6. Мен ўзимни сил касаллигига чалинган деб ўйламайман, чунки ўзимни одатий ҳис қиляпман?!
Кўпинча бугинги кунда одамларнинг чарчоқ ёки шунчаки дармонсизликнинг сабаблари ҳақида ўйлашларига вақтлари йўқлиги сабабли ва касаллик аниқланганда эса аллақачон силнинг “ривожланган формаси” шаклланган бўлиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда. Сил касаллигига қандай белгилар билан шубҳа қилиш мумкин? Бунда вазннинг кескин йўқолиши
(5-10кг ва ундан да кўп), заифлик, кўп терлаш, айниқса кечаси, иш фаолияти ва иштаҳанинг пасайиши кузатилади. Шунинг билан бирга сил касаллигида иситма юқори бўлмайди, иситманинг кўтарилиш даражалари 37-37,5 °С, одатда кечқурун кўтарилади. Кўкрак қафасидаги оғриқ ёки йўтал ҳар доим ҳам касалликнинг дастлабги белгилари хисобланмайди ва шу сабабли ўз вақтида тегишли шифокор кўригидан ўтишни талаб қилади.

Юқоридагилардан ҳулоса қилсак Сил бу бедаво касаллик эмас ва биз бу касалликка қарши соғлом турмуш тарзи, етарлича овқатланиш, ўз вақтида дам олиш ва ҳар йили ўз вақтида чуқирлаштирилган тиббий кўриклардан ўтиб бориш орқали курашишимиз мумкин!

Қорақалпоғистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси, Эпидемиология бўлими, Эпидемиолог врачи А.Джумамуратов