Даволаш профилактика муассасаларда ювиб тозалаш, зарарсизлантириш қоидалари

 

Шифохонанинг барча хоналар, ускуналар, тиббий ва бошқа асбоб-анжомлар тоза сақланиши лозим. Ювиш ва дезинфекция воситалар ишлаб чиқарувчиси ёрлиқли идишида (ўрамида) махсус мўлжалланган жойлардаги токчаларда сақланиши лозим.

Қуйидаги турли объектларга ишлов бериш учун ишлатиладиган дезинфекция воситаларининг ишчи эритмалари солинган алоҳида идишларга эга бўлиш зарур:

  • тиббий буюмлар дезинфекцияси учун;
  • хоналардаги юза, мебель, аппарат, қурилма ва асбоб-ускуналар дезинфекцияси учун;
  • тозалаш ишлари материалини зарарсизлантириш учун, Б ва В синфи чиқиндиларини зарарсизлантириш учун.

Дезинфекция воситаларининг ишчи эритмалари солинган идишлар зич ёпиладиган қопқоқлар билан таъминлаган бўлиши, восита, унинг концентрацияси, мақсади, тайёрланган санаси, эритма охирги яроқлилик муддати кўрсатилган аниқ ёзувлар ёки ёрлиқларга эга бўлиши лозим.

Дезинфекция воситалари билан ишлаш пайтида барча эҳтиёткорлик чораларига риоя этиш, шу жумладан қўллаш бўйича йўриқномаларда белгиланган алоҳида ҳимоя воситаларини қўллаш зарур.

Тозалаш ишлари асбоб-анжомларида (аравачалар, идишлар, латта, швабралар) хоналардан фойдаланилаётган мақсад ва тозалаш ишлари турларини ҳисобга олинган ҳолда аниқ ёрлиқ ёки рангли кодлар бўлиши лозим, шу билан бирга улар алоҳида ажратилган хонада сақланиши керак. Рангли кодлаш схемаси асбоб-анжомлар сақланадиган ҳудудда жойлаштирилади.

Дераза ойналарини ювиш йил чорагида 1 марта ёки ифлосланиш даражасига қараб амалга оширилади.

Палата бўлимлари хоналари ва бошқа функционал хоналарни мукаммал тозаланиши девор, пол, асбоб-ускуна, асбоб-анжом, чироқларга ишлов берибойига камида 1 мартажадвалга асосан амалга оширилади.

Жарроҳлик блоки, боғлаш, туғруқ заллари, муолажа хоналари, амаллар хоналари, стерилизация хоналари ва асептик режимли бошқа хоналарни мукаммал тозалаш ҳафтасига бир марта амалга оширилади.

Жадвалдан ташқари мукаммал тозалаш ташқи муҳит микроблари бўйича қониқарсиз натижалар олинган тақдирда ва эпидемиологик кўрсатмалардан келиб чиққан ҳолда олиб борилади.

Мукаммал тозалаш ишлари учун ходимлар махсус кийим ва алоҳида ҳимоя воситалари (халат, қалпоқча, ниқоб, резина қўлқоплар, резина фартук ва бошқалар), маркировкаланган тозалаш асбоб-анжомлари ва тоза матоли салфеткаларга эга бўлиши лозим.

Мукаммал тозалаши санитария-гигиеник қопламага эга деворларни ювиш билан олиб борилади. Шу билан бирга эшик, дераза, плинтус, ёритиш асбоблари ва ускуналар ювилади.

Мукаммал тозалаш бир пайтда 2 та челак ишлатилган ҳолда амалга оширилади:

– биринчи челакда таркибида хлор сақловчи дезинфектантнинг 0,5 фоизли эритмасидан иборат ювиш тўплами тайёрланади, бунга 50 гр. ювиш воситаси, бир бўлак хўжалик совуни ёки 25 гр. исталган ювиш кукуни қўшилади;

– иккинчи челакда — тоза сув бўлади;

– дастлаб латта ювиш эритмаси солинган челакка ботирилади, бироз сиқиб олинади ва ювилиши керак бўлган кичикроқ жой артиб чиқилади. Сўнгра ишлатилган латта тоза сувли челакда чайилади. Шу тариқа ушбу жараён такрорланади.

Мукаммал тозалаш босқичлари:

– мукаммал тозалаш ишлари олдидан хоналар камида 20 дақиқага шамоллатилади;

– сўнгра барча юзалар ювиш-дезинфекция эритмаси билан артиб чиқилади;

– ундан кейин тоза сувда чайиладиган латта билан артиб чиқилади ва кварцланади (30 дақиқа).

1 кв.м.га дезинфекцияловчи эритма сарфи – 100 мл.

Соматик ихтисослигидаги даволаш-профилактика муассасалари, туғруқ мажмуалари (бўлимлари), жарроҳлик стационарларида (бўлимларида) коридор ва палаталарнинг жорий тозаланиши кунига 3 марта, шу жумладан 1 марта ювиш воситалари қўлланилиб амалга оширилади. Дезинфекция воситалари кўрсатмага кўра (организм биологик суюқликлар билан ифлосланилган тақдирда) қўлланилади. Инфекцион касалликлар, сил ва тери-таносил стационарларида (диспансерларида) кундалик тозалаш ишлари кунига 3 марта, шу жумладан 1 марта дезинфекция воситалари қўлланилган ҳолда амалга оширилади.

Операция блоклари, реанимация, боғлаш, муолажа хоналарини кундалик тозалаш ишлари кунига 3 марта, шу жумладан 1 марта дезинфекция воситалари қўлланилган ҳолда амалга оширилади.

Ишчи юзаларга таркибида хлор сақловчи дезинфекция воситасининг 0,5%эритмаси ёки йўриқномага мувофиқ бошқа дезинфекция эритмаси билан ишлов берилади.

Тоза латталар сони етарлича, бироқ камида 10-15 дона бўлиши керак. Ишлатилган латтадан такроран фойдаланишга йўл қўйилмайди. Ишлатилган латталар алоҳида идишда тўпланади, кейинчалик ювилади, қуритилади ва тоза идишда сақланади.

Кундалик тозалаш ишларидан олдин хоналар 20 дақиқага шамоллатилиши керак. Ҳар бир тозалашдан сўнг бактерицидли лампа ёқиб қўйилади.

Ишлатилган тозалаш асбоб-анжмолари дезинфекция воситалар эритмасида зарарсизлантирилади, сўнгра сувда чайилади ва қуритилади. Пол ва деворлар учун мўлжалланган тозалаш асбоб-анжомлари алоҳида бўлиши, аниқ ёрлиққа эга бўлиши, хоналар, коридорлар, санитария хоналари (ҳожатхона, ваннахона ва ҳ.о.) учун алоҳида қўлланилиши керак.

Тозалаш асбоб-анжомлари махсус ажратилган хона ёки махсус ажратилган жойда сақланиши зарур.

 

Қорақалпоғистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси Дезинфекция бўлими мудири: Г.Сейтбаева