Халқни эмас, ўз киссасини ўйлаган ПЦР лаборатория ишларига чек қуйилди …

Қорақалпоғистон Республикаси санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси томонидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг хуқуқий ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор этиш тартиби ва тасдиқланган график асосида 2022-йилнинг февраль ойида «DAULET FARM UZI» МЧЖ ва “SALIM MED LINE» МЧЖ хусусий тиббиёт муассасаларининг Қўнғирот тумани “Қорақалпоғистон» МФЙ ҳудудида жойлашган ПЦР лабораториялари ва Нукус шахрида жойлашган биоматериал йиғиш пунктларида санитария назорати ўтказилди ва қуйидагилар аниқланди.

«DAULET FARM UZI» МЧЖ ва “SALIM MED LINE” МЧЖ ҳусусий тиббиёт муассасалари коронавирус инфекциясига текшириш учун биоматериал йиғиш пункти филиаллари Нукус шахрида жойлашган, аммо асосий лабораториялари Нукус шахридан 500км узоқликда бўлган ва йўл масофаси 7-8 соатни ташкил қилувчи қўшни Қозоғистон Республикаси билан чегарадош Қўнғирот тумани, Қорақалпоғистон посёлкаси, “Довут-Ота» чегара ўтказиш пункти яқинида жойлашган. Коракалпоғистон Республикаси ҳудудида 2021-йил давомида жами 281067 нафар фуқаро коронавирус инфекциясига лаборатория шароитида ПЦР усулида текширилиб, текшириш натижасида 8491 (3%) нафар фуқарода бирламчи мусбат натижа аникланган. Эпидемик вазият июль, август ва сентябрь ойларида мураккаблашиб, июль ойида анализ топширган 44498 нафар фуқародан 6,4% нафарида, август ойида 52581 нафар фуқародан 6,4% нафарида, сентябрь ойида 26857 нафар фуқародан  4,7% нафарида бирламчи мусбат натижа аниқланган.

Шунга қарамасдан, «SALIM MED LINE» МЧЖ лабораторияси томонидан ушбу мураккаб эпидемиологик даврларда хам текширилган фуқаролардан коронавирус инфекцияси умуман аниқланмаган. Қорақалпоғистон Республикаси СЭТ ва ЖC бошқармаси вирусология лабораториясида 2022-йилнинг январь-февраль ойларида коронавирус инфекцияси аниқланган 2 нафар фуқаро 1 кун ичида коронавирус инфекциясига ҳусусий тиббиёт муассасалари бўлган «DAULET FARM UZI» МЧЖга 1 нафар ва «SALIM MED LINE» МЧЖга 1 нафар фуқаро текширилиб, коронавирус инфекцияси аниқланмаган деган манфий натижа билан қўшни чет Давлатларига чиқиб кетишган. Ваҳоланки, ушбу ҳусусий тиббиёт муассасалари масъулиятсизлиги туфайли инфекция манбайининг қўшни давлатларга чиқиб кетишига сабаб бўлган. Шунингдек, текшириш вақтида “DAULET FARM UZI” МЧЖ Қўнғирот тумани “Қорақалпоғистон” МФЙ ҳудудида жойлашган асосий лабораториясида тиббий чиқиндиларни утилизация қилиш журналлари юритилмаган, тиббий чиқиндилар хавфлилик даражасига қараб тақсимланиб йиғилмаган, эпидемиологик аҳамиятга эга бўлган хоналарнинг 19 жойидан бактериологик текшириш учун намуналар олинди ва 2 та жойда 10,5% бактериологик ифлосланиш аниқланди. Коронавирус инфекциясига фуқаролардан олинган лаборатория текшириш намуналарининг ПЦР услубида текширилганлиги бўйича баённомаларнинг қоғоз ёки электрон шакли сақланиб қолинмаган, 2021-2022 йиллар давомида коронавирус инфекциясига текширилган фуқаролар ҳақидаги маълумотлар бўйича 175 нафар фуқарога текширилганлиги тўғрисидаги маълумот 2 соатдан кам вақт ичида берилган, шундан 82 нафар фуқарога анализ топширган вақтдан шу заҳоти, қолган фуқароларга 5, 10, 30 дақиқагача бўлган вақтда маълумотлар берилган. coronavirus-test.ssy.uz электрон базасига айрим фуқароларнинг исми-шарифи хақидаги маълумотлар SCS SCS, SD SES, XXX XXX XXX белгилари билан киритилган.

“SALIM MED LINE” МЧЖ Қўнғирот тумани “Қорақалпоғистон” МФЙ худудида жойлашган асосий лабораториясида тиббий чиқиндиларни утилизация қилиш журналлари юритилмаган, коронавирус инфекцияси аниқланган ҳолатта беморнларни рўйхатга олиш журналлари юритилмаган, бир нафар лаборант даврий тиббий кўрикдан ўтмаган, эпидемиологик аҳамиятга эга бўлган хоналарнинг 16 та жойидан бактериологик текшириш учун намуналар олинди ва 3 та жойда 18,7% бактериологик ифлосланиш аниқланди.

2021-2022 йиллар давомида коронавирус инфекциясига текширилган фуқаролар ҳақидаги маълумотлар бўйича 29 нафар фуқарога текширилганлиги тўғрисидаги маълумот 2 соатдан кам вақт ичида берилган, шундан 14 нафар фуқарога анализ топширган вақтдан шу заҳоти маълумотнома тақдим қилинган. Лаборатория шароитида коронавирус инфекциясига текширилган 15 нафар фуқарога маълумотнома 2 соат ва ундан кам бўлган вақт мобайнида берилган. Текшириш якуни буйича, тадбиркорлик субъектларнинг мансабдор шахслари хамда бошқа хизматкорлар томонидан содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарлик учун “DAULET FARM UZI” МЧЖ ва “SALIM MED LINE” МЧЖ ҳусусий тиббиёт муассасаларига қарашли Қўнғирот тумани, Қорақалпоғистон МФЙда жойлашган ПЦР лабораториясининг қаршисига тўпланган маъмурий ҳуқуқбузарлик иш материалларини кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича Нукус шахар судига юборилди ҳамда суд томонидан маъмурий жавобгарлик чораси қўлланилди ва тўпланган иш материаллари амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Прокуратурасига ҳуқуқий баҳо бериш учун тақдим қилинди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, келгусида Республикаси ҳудудида эпидемиологик барқарорликни таъминлаш мақсадида, Қорақалпоғистон Республикаси санитария- эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси “DAULET FARM UZI” МЧЖ ва “SALIM MED LINE” МЧЖ ҳусусий тиббиёт муассасалари томонидан лаборатория шароитида ПЦР лаборатор диагностикасини нотўғри ишлаб келаётганлиги, фуқаролардан олинган тест намуналарини лабораторияда тўлиқ текширмасдан штрих кодли бланкани чиқариб бераётганлигини инобатга олиб, ушбу лабораторияларни coronavirus-test.ssy.uz электрон базасидан иш фаолиятлари тугатилди.

Қорақалпоғистон Республикаси санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси, ОАВ ва Жамоатчилик билан ишлаш бўлими